Сунъий интеллект танқидий фикрлаш ва мустақил муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини заифлаштиради

Америкалик олимлар, хусусан, Microsoft корпорацияси ва Карнеги-Меллон университети тадқиқотчилари генератив сунъий интеллект (СИ) воситаларининг фаол қўлланилиши танқидий фикрлаш ва мустақил муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини заифлаштириши мумкинлигини аниқлади. Ушбу тадқиқот Microsoft’нинг расмий веб-сайтида эълон қилинди.

Хулосалар 319 нафар бизнес, таълим ва IT соҳаларидаги интеллектуал меҳнат билан шуғулланувчи ходимлар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига асосланади. Натижалар шуни кўрсатдики, СИ воситаларидан фойдаланган ҳолатларнинг 40 фоизида иштирокчилар нейротармоқ хулосаларига тўлиқ таяниб, уларни танқидий таҳлил қилмаган.

Бу тенденция айниқса оддий вазифаларни бажаришда яққол намоён бўлган. Унда фойдаланувчилар ўз фикрларига эмас, балки СИ га кўр-кўрона ишонишни афзал кўрган.

“Автоматлаштиришнинг асосий истеҳзоси шундаки, у бизни оддий вазифалардан халос этар экан, ўз қарорларимизни шакллантириш имкониятидан маҳрум қилади”, дейилади тадқиқотда.

Олимлар, айниқса, ёш авлод ҳақида хавотир билдирган. Масалан, талабалар мустақил таҳлилдан қочиб, эссе ёзишда СИдан фаол фойдаланмоқда. Улар орасида нейротармоқларга боғлиқлик шаклланмоқда. Бу “Google эффекти” деб аталувчи энг кичик саволлар учун ҳам қидирув тизимларига мурожаат қилиш одатига ўхшайди.

Тадқиқотчилар СИдан фойдаланишга онгли ёндашиш зарурлигини, автоматлаштириш ва мустақил вазифаларни бажариш ўртасида мувозанатни сақлаш, танқидий фикрлашни мунтазам равишда машқ қилиш ва таълим жараёнларига диққат билан ёндашиш кераклигини таъкидламоқда.