1 майдан утилизация йиғими фақат электромобиллар учун ундирилади

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 1 майдан электромобиллар учун 45 млн сўмдан 78 млн сўмгача утилизация йиғими ундирилиши кўзда тутилган эди

Бироқ ижтимоий тармоқларда ушбу йиғимнинг барча турдаги машиналардан ундирилиши ҳақида нотўғри хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари аккумулятор батареяларини утилизация қилиш инфратузилмасини ташкил этиш ишларини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мамлакатда “яшил” технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, электромобилларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган батареяларининг атроф-муҳитга кескин зарар етказмаган ҳолда утилизация қилинишини таъминлаш ва соҳада маҳаллийлаштириш ишларини янада жадаллаштириш мақсад қилинган.

Мазкур қарор билан 2025 йил 1 майдан бошлаб:

  • ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган электромобилларучун БҲМнинг 120 баравари (45 млн сўм);
  • ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлган электромобиллар учун БҲМнинг 210 баравари (78 млн 750 минг сўм) этиб белгиланади.

Яъни фақатгина электромобиллар учун утилизация йиғими белгиланган: гибрид ва қолган транспорт воситалари бундан мустасно.