«Узатом» агентлиги расмий баёнот билан чиқди

Аввалроқ “Ўзатом” атом энергетикаси бўйича конференцияга 5,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлагани ҳақида хабар эълон қилган эдик. «Узатом» агентлиги ушбу хабар юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

«2024 йил 5 декабрь куни бўлиб ўтган ва “Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо давлатларининг барқарор ривожланишида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзуси́га бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш харажатлари, жумладан яшаш, биноларни ижарага олиш ва авиа-чипталар давлат бюджети ҳисоби́дан қоплангани ҳақидаги асоссиз маълумотлар бир қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётгани муносабати билан “Узатом” агентлиги ушбу ҳолатга аниқлик киритиш ва расмий позициясини билдириш зарур деб ҳисоблайди. Мазкур даъволар ҳақиқатга мос эмас.

Маълум қиламизки, тадбирни молиялаштириш иштирокчи давлатларнинг компаниялари томонидан тақдим этилган ҳомийлик маблағлари ҳисоби́дан тўлиқ таъминланган. Конференцияни ўтказиш билан боғлиқ бирор бир харажат бюджет маблағлари ҳисоби́дан қопланмаган. Барча молиявий операциялар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва халқаро шаффофлик стандартларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилган.

Мазкур тадбир ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилди ва бу халқаро амалиётга мувофиқ тарзда ташкил этилди. “Узатом” агентлиги бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини қатъий назорат қилади ва фақат соҳа ҳамда мамлакат ривожи йўлида фаолият юритади.

Агентлик доимо молиялаштириш масалаларида очиқликни таъминлаш борасида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Шу муносабат билан ОАВ вакиллари ва мустақил журналистларни фактларни синчиклаб текшириб, расмий изоҳлар учун мурожаат қилишга, холис ахборот тарқатиш ҳамда ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олишга чақирамиз», дейилади хабарда.