Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 206-сон қарори билан “Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчасидаги бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ушбу низом Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчасидаги бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартибини белгилайди.
Шу шаҳар ва шаҳарчалардаги бюджет ташкилотлари ходимларига ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун ойлик устама тўловлари иш стажидан келиб чиқиб қуйидаги миқдорларда тўланади:
3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,25 фоизи;
3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг 0,5 фоизи;
5 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг 0,75 фоизи.
Ойлик устамани олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қуйидагилар киритилади:
шаҳар ва шаҳарчалардаги бюджет ташкилотларида ходимнинг ишлаган даври;
ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин қонунчиликка асосан унинг иш жойи (лавозими) сақланган давр;
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийуран” ДК ва “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси тизимидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги тизимига ўтказилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг мазкур корхоналарда ишлаган даври.