Калифорния университети (Сан-Диего) олимлари томонидан ўтказилган янги тадқиқотга кўра, OpenAI компанияси ишлаб чиққан GPT-4.5 сунъий интеллект модели Тьюринг тестидан муваффақиятли ўта олди. Бу ҳақда UniladTech нашри хабар берди.
Тест давомида иштирокчилар бир вақтнинг ўзида инсон ва ИИ билан 5 дақиқалик мулоқот олиб боришди ва ким инсон, ким машина эканини аниқлашга уринишди. Натижаларга кўра, GPT-4.5 ҳолатларнинг 73 фоизида инсон деб қабул қилинган, бу эса реал инсонлар билан солиштирганда ҳам юқори кўрсаткич бўлди.
Тадқиқотда шунингдек бошқа моделлар — Meta LLaMa-3.1-405B (56%), ELIZA (23%) ва GPT-4o (21%) ҳам синовдан ўтказилди. Уларнинг кўрсаткичлари GPT-4.5 натижасидан анча паст бўлган.
Тадқиқот муаллифларидан бири Кэмерон Жонс ушбу янгилик ижтимоий мувозанатга таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади:
“ИИ моделлари қисқа мулоқотларда инсон ўрнини эгаллаши ва одамлар бундан бехабар қолиши мумкин. Бу эса иш ўринларини автоматлаштириш, ижтимоий муҳитга таъсир кўрсатиш, ҳатто алдамчилик воситасига айланиши эҳтимолини оширади”, — дейди у.
Мутасаддилар мазкур натижалар сунъий умумий интеллект (AGI) сари йўналган муҳим қадамлардан бири эканини қайд этмоқдалар.