Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бошланган видеоселектор йиғилишида дунёда юз бераётган иқтисодий ва савдо чекловларининг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Президент сертификатлаштириш тизимидаги айрим муаммоларни санаб, уларнинг ечимларини айтди.
Таъкидланганидек, сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзининг маҳсулотига Санэпидқўм хулосасини олиш тизимидан норози.
Масалан, йилига 100 миллион долларлик болалар озуқаси импорт бўлмоқда. Лекин замонавий ускуна келтириб, завод қурган тадбиркор Санэпидқўм хулосаси йўқлиги учун ишлаб чиқаришни бошлай олмаяпти. Хулоса бериш учун эса стандарт йўқ.
Қўмита раҳбарияти “бу маҳсулотга бизда стандарт йўқ”, деб кутиб ўтирмасдан, ўзи ташаббус қилиб, тадбиркор билан бирга стандарт ишлаб чиқмаётгани танқид қилинди.
Айрим туман санэпидхизматлари ҳалигача тадбиркордан битта маҳсулотнинг ҳар хил қадоқланган партиясини алоҳида синовдан ўтказишни талаб қилмоқда. Бу қўшимча вақт, қўшимча харажат талаб қилади.
Бир вақтда тайёрланган маҳсулотнинг ҳар хил ҳажмда қадоқланиши сифатга нақадар алоқадор экани савол уйғотади.
Шунингдек, минерал сув ишлаб чиқарувчилар 45 та кўрсаткич бўйича хулоса олиши керак. Тадбиркорлар шунинг 43 таси учун Санэпидқўм тизимидаги лабораторияларга, қолган 2 таси бўйича бошқа лабораторияга бормоқда.
Қўмитага ҳамма текширувни битта жойда ташкил қилиш топширилди.
Мева-сабзавот ва дуккакли экинлар сифатини текшириш учун ҳам 3 та ташкилотнинг лабораториясига бориш керак. Энг ёмони, бу лабораторияларнинг хулосаси ривожланган давлатларда тан олинмайди.
Шу боис экспортчилар қиммат бозорга чиқишдан олдин сертификат олиш учун хорижга намуна жўнатаяпти.
Мутасаддиларга шу пайтгача бирорта халқаро тан олинган лабораторияни олиб келмагани, эскирган устма-уст сертификатлаш амалиёти ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.