Ҳиндистонда кўп қаватли бино қулаб тушди



Ҳиндистон пойтахти Деҳлида жойлашган тўрт қаватли бино қулаб тушди. Ҳодиса 19 апрель куни тонгда, маҳаллий вақт билан тахминан соат 02:30 атрофида шаҳарнинг шимоли-шарқидаги Мустафобад ҳудудида содир бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлган, яна 10 га яқин фуқаро тан жароҳати олган. Жабрланганлар зудлик билан маҳаллий тиббиёт муассасаларига етказилган.

Ҳозирда қутқарув гуруҳлари ҳодиса жойида иш олиб бормоқда. Вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкинлиги сабабли қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Маҳаллий расмийлар ҳодисага нима сабаб бўлганини аниқлаш учун суриштирув бошлаган. Бинонинг техник ҳолати ва қурилиш стандартларига риоя этилган-этилмаганлиги юзасидан ҳам текширув олиб борилмоқда.