Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.
Сўнгги ойларда шаклланган умумий ва базавий инфляция кўрсаткичлари инфляцион жараёнлар ва вазиятнинг муаллақ ҳолатда қолаётганини кўрсатмоқда.
Ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар ҳамда ташқи ноаниқликларнинг кучайиб бориши билан боғлиқ хатарлар пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий, жорий даражасида сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Йил бошидан умумий инфляция даражаси ўсувчи трендга ўтиб, март ойида йиллик 10,3 фоизни ташкил этди.
Айни пайтда, базавий инфляция ҳам тезлашишда давом этиб, йиллик 8,1 фоизга етди.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 12 июн кунига белгиланган.