Ўзбекистон ва Хитой ўртасида “яшил” минераллар бўйича стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилади

Бугун Тошкентдаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ҳамда Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги вакиллари иштирокида муҳим халқаро учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳалар — “яшил” технологиялар учун зарур бўлган хомашёларни излаб топиш, ўзлаштириш ва қайта ишлаш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар геология-қидирув ишларини молиялаштириш, технологик металлар захираларини аниқлаш ва саноат кўламида ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олдилар.

Хитой делегацияси салоҳиятли лойиҳаларда иштирок этишга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати ва барқарор инвестицион муҳитини юқори баҳолади.

Учрашувда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилиб, илғор технологиялар трансфери, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги ташаббуслар намоён этилди.

Ҳозирги кунда 2025–2026 йилларга мўлжалланган 2,6 миллиард долларлик 71 та лойиҳа доирасида ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Европа Иттифоқи, АҚШ, Жанубий Корея ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик келишувлари имзоланган.

Йиғилиш якунида томонлар “яшил” минераллар соҳасида илмий тадқиқотлар, қидирув ишлари ва ишлаб чиқариш занжиридаги технологиялар трансфери бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.