Ўзбекистон 2025 йилнинг дастлабки чорагида 3,6 млрд долларлик олтин экспорт қилди – бу умумий экспортнинг 44 фоизини ташкил этди

Ўзбекистон 2025 йилнинг январ–март ойларида 3 миллиард 570 миллион долларлик олтин экспорти амалга оширди. Бу кўрсаткич республика умумий экспорт тушумининг 44 фоизига тенг, дея хабар бермоқда Статистика қўмитаси.

Жорий йилнинг 1-чорагида мамлакат экспорти ҳажми 8,1 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,4 фоизга кўпдир. Расмийлар экспортдаги ўсишни асосан Марказий банк томонидан олтиннинг юқори қийматда сотилгани билан боғламоқда.

Сўнгги йилларда 1-чоракдаги олтин экспорти кўрсаткичлари:

2025 йил (ян–мар): 3,57 млрд $
2024 йил: 2,66 млрд $
2023 йил: 2,4 млрд $
2022 йил: 2,97 млрд $
2021 йил: 1,0 млрд $
2020 йил: олтин экспорти қайд этилмаган
2019 йил: 1,2 млрд $
2018 йил: 1,3 млрд $
2017 йил: 388,7 млн $
2016 йил: 375,1 млн $
2015 йил: 823,9 млн $

Мутахассислар фикрича, 2025 йил бошидаги бу даражадаги экспорт Ўзбекистон тарихидаги энг юқори чораклик олтин савдоларидан биридир. Бу тенденция глобал бозор нархларининг юқорилиги ва мамлакат ички валюта тушумларини таъминлаш стратегиясининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

Экспертлар айни вақтда экспорт таркибида бошқа маҳсулотлар улушини ҳам ошириш муҳимлигини таъкидлашмоқда. Чунки олтин экспортига ҳаддан ташқари таяниш иқтисодий барқарорликка хавф туғдириши мумкин.