Ўзбекистон ва Қирғизистон “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланади

Тошкентда Ўзбекистон Бош вазири А.Арипов ва Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари — Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қ.Тошиев раислигида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича навбатдаги қўшма йиғилиш бўлиб ўтди.

Музокараларда Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги Баённома ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасидаги “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги Битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.

Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.