Ўзбекистон амалдорлар даромадларини декларациялашга оид қонунни қабул қилишни тезлаштириши керак — ХВЖ

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон расмийларини амалдорларнинг даромадларини декларациялаш ва ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни қабул қилишни тезлаштиришга чақирди. Бу ҳақда миссиянинг 2025 йилги маслаҳатлашувлар якунлари бўйича якуний баёнотида келтирилган.

Жамғарма давлат бошқаруви, меҳнат бозори ва иқлим кун тартиби билан боғлиқ ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда давлат бошқаруви самарадорлиги кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун, унинг қоидаларини қўллаш бўйича давлат хизматчиларини ўқитиш ва Коррупцияга қарши курашиш виртуал академиясини ташкил этиш тўғрисида президент фармони қабул қилинди.

«Яқин вақт ичида давлат мансабдор шахслари ва давлат корхоналари раҳбарларининг мол-мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ҳамда хабардор қилувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда. Расмий органлар ушбу қонунларни имкон қадар тезроқ қабул қилиши ва амалга киритиши керак», — дейилади миссия хабарида.

Хусусан, харидлар соҳасида шаффофлик ва ахборотдан фойдаланиш имкониятини ошириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқишни якунлаш давлат харажатлари ва уларни бошқариш самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

ХВЖ аёлларнинг меҳнат фаолиятидаги иштироки пастлиги, норасмий сектор улушининг юқорилиги ва ходимлар малакасининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги муаммоларини ҳал қилиш учун меҳнат бозоридаги ислоҳотларни жадаллаштиришни тавсия қилди.

Энергия тарифлари ислоҳотини якунлаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича тезкор чора-тадбирларни қабул қилиш иқлим кун тартибини амалга оширишда сезиларли ютуқларни таъминлайди. Статистика сифатини ошириш таҳлилни яхшилашга ва янада асосли сиёсат чораларини ишлаб чиқишга олиб келади, дея таъкидлади миссия.