Давлатобод туманида ўғил онасини калтаклаган ҳолат бўйича расмий маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда «Ўғил онасини шавқатсизларча калтакламоқда» сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан Давлатобод туман ички ишлар бўлими, туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижасида ҳолат Давлатобод туманидаги 80-умумтаълим мактаби ўқувчиси иштирокида содир бўлгани аниқланди. Маълум бўлишича, ўқувчи онаси ва бувиси томонидан қилинган қўпол ҳаракатлар ва ҳақоратларга бардош бера олмасдан, стресс таъсирида куч ишлатишга мажбур бўлган.
Ҳолат юзасидан она ва вояга етмаган ўқувчи билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, томонлар яраштирилди. Уларнинг ҳар иккисига нисбатан огоҳлантириш чоралари қўлланилди ва бундай ҳолатларнинг келгусида олдини олиш мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, тегишли мутасадди органлар томонидан ушбу оила доимий назоратга олингани маълум қилинди.