Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатнинг доимий аҳолиси 37,7 миллион нафарга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,0 фоизга ўсган.
Жорий йилнинг январь–март ойларида 198,1 минг нафар туғилган ва 41,4 минг нафар вафот этган шахс қайд этилди. Табиий ўсиш 156,7 минг нафарни ташкил этди.
Миграция кўрсаткичларига кўра, 322 нафар фуқаро хориждан Ўзбекистонга кўчиб келган, 2 371 нафар эса хорижий давлатларга кўчиб кетган. Шу билан бирга, мамлакат ичида 63 077 нафар киши бошқа ҳудудларга кўчиб келган бўлса, 65 126 нафар киши бошқа ҳудудларга кўчиб кетган.
Никоҳ ва ажралиш ҳолатлари бўйича 43,8 мингта никоҳ ва 11,5 мингта ажралиш қайд этилди. Никоҳлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 мингтага камайган бўлиб, ажралишлар сонида сезиларли ўзгариш кузатилмаган.
Аҳоли тақсимотига кўра, 51 фоиз аҳоли шаҳарларда (19,2 миллион киши), 49 фоизи қишлоқ жойларда (18,5 миллион киши) яшайди. Шунингдек, аҳолининг 50,4 фоизини эркаклар, 49,6 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
2025 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда аҳоли зичлиги ҳар квадрат километрга 84 кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 кишига кўпдир.
Миллий статистика қўмитаси таъкидлашича, демографик кўрсаткичлар Адлия ва Ички ишлар вазирликлари маълумотлар базаси билан интеграция қилинган ҳолда шакллантирилмоқда.