Ўзбекистон давлат қарзи 2024 йилда 40 миллиард доллардан ошди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил давомида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2023 йилга нисбатан $5,27 миллиардга ортиб, $40,19 миллиардга етди. Бу ўсишнинг катта қисми ташқи қарз ҳисобига тўғри келиб, умумий ташқи қарз ҳажми $33,72 миллиардни ташкил этди. Ички қарз эса 1,19 миллиард долларга ортиб, 6,47 миллиард долларга етган.

Ўзбекистоннинг асосий қарз берувчилари кимлар?

Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарзининг $19,1 миллиард қисми халқаро молиявий ташкилотлардан жалб қилинган. Улар орасида:

  • Жаҳон банки – $7,64 миллиард
  • Осиё тараққиёт банки – $7,41 миллиард
  • Осиё инфратузилма инвестиция банки (AIIB) – $1,65 миллиард
  • Ислом тараққиёт банки – $0,9 миллиард
  • Халқаро валюта жамғармаси (IMF) – $0,7 миллиард
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EBRD) – $0,3 миллиард

Шунингдек, хорижий ҳукуматларнинг молиявий ташкилотлари орқали жалб қилинган қарзлар ҳажми $10,44 миллиардни ташкил қилди. Улардан энг йириклар:

  • Хитой тараққиёт банки ва Эксимбанк – $3,76 миллиард
  • Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) – $2,88 миллиард
  • Франция тараққиёт агентлиги – $977 миллион
  • Корея Эксимбанки ва иқтисодий тараққиёт жамғармаси – $740 миллион
  • Германия давлат банки (KfW) – $415 миллион
  • Саудия тараққиёт жамғармаси – $139 миллион
  • Испания давлат банки – $66 миллион
  • Бошқа манбалар – $1,45 миллиард

Давлат қарзи қандай сарфланмоқда?

Ўзбекистон давлат қарзининг асосий қисмлари қуйидаги йўналишларга сарфланган:

  • 45% ($15,29 миллиард) — Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш
  • 17% ($5,74 миллиард) — Ёқилғи-энергетика саноати
  • 9% ($2,91 миллиард) — Қишлоқ ва сув хўжалиги
  • 8% ($2,85 миллиард) — Уй-жой коммунал хўжалиги
  • 8% ($2,85 миллиард) — Транспорт ва инфратузилма
  • 7% ($2,4 миллиард) — Соғлиқни сақлаш, таълим ва АКТ соҳалари
  • 2% ($841 миллион) — Тадбиркорлик ва саноат ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш
  • 2% ($764 миллион) — Кимё саноати