Давлат статистика қўмитаси 2025 йилнинг январь–март ойларидаги ўртача иш ҳақи кўрсаткичларини эълон қилди. Унга кўра, ушбу давр мобайнида мамлакат бўйича номинал ўртача ойлик иш ҳақи 5,8 миллион сўмга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга юқори.
Энг кўп маош тўланадиган соҳалар
Ҳисоботга кўра, банк, молия ва кредит ташкилотлари, суғурта, лизинг ҳамда молиявий воситачилик соҳаларида иш ҳақи бошқа соҳаларга нисбатан анча юқори — ўртача 15,8 миллион сўм. Бу ўтган йилга нисбатан 19,8 фоизга ўсган.
Ахборот ва алоқа соҳаларидаги иш ҳақи 14,8 миллион сўмга етиб, 26,8 фоизлик ўсишни қайд этган. Шунингдек, транспорт ва логистика соҳаларида маошлар ўртача 8,7 миллион сўмга етган (ўсиш — 16 фоиз).
Маош паст бўлган соҳалар
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ўртача иш ҳақи ҳануз паст — 3,6 миллион сўм (11,1 фоиз ўсиш). Таълим соҳасида бу кўрсаткич 4 миллион сўмни ташкил этган (17,7 фоиз ўсиш). Яшаш ва овқатланиш хизматлари (4,8 млн сўм), санъат ва дам олиш (4,8 млн сўм) соҳаларида ҳам иш ҳақи паст даражада қолмоқда.
Ҳудудлар бўйича кўрсаткичлар
Энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 9,9 миллион сўм. Кейинги ўринда Навоий вилояти — 7,3 миллион сўм. Қолган барча ҳудудларда иш ҳақи миллий ўртачадан паст:
- Тошкент вилояти — 5,43 млн сўм
- Андижон — 4,9 млн сўм
- Хоразм — 4,6 млн сўм
- Сирдарё — 4,6 млн сўм
- Бухоро — 4,7 млн сўм
- Қорақалпоғистон — 4,7 млн сўм
- Самарқанд — 4,3 млн сўм
- Наманган — 4,3 млн сўм
- Жиззах — 4,4 млн сўм
- Фарғона — 4,2 млн сўм
- Сурхондарё — 4,2 млн сўм
- Қашқадарё — 4,1 млн сўм
Қурилиш, саноат ва савдо
Қурилиш соҳасида иш ҳақи ўртача 6 миллион сўм бўлган. Саноатда — 6,9 миллион сўм, савдода эса — 6,5 миллион сўм.