Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда болалар орасида кўз саратони авж олгани ва бу ҳолатга гаджетлар сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бироқ мутахассислар бу фикрни рад этмоқда.
Германиянинг Эссен университети тадқиқотчилари олиб борган илмий ишларга кўра, смартфон ва планшетлардан фойдаланиш кўз саратонига сабаб бўлмайди. Олимларга кўра, бу касалликнинг асосий сабаблари ирсий хасталиклар, экологик омиллар ва баъзи вирусли касалликлар ҳисобланади.
Шу билан бирга, мутахассислар гаджетлардан нотўғри ва ортиқча фойдаланиш кўзда турли муаммолар, хусусан “қуруқ кўз” синдромини келтириб чиқариши мумкинлигини эслатмоқда.
Мутахассислар болаларда гаджетлардан фойдаланиш вақтини кунига 2 соатдан оширмасликни, компьютерда узоқ ишловчи фуқаролар эса кўзни намлантирувчи дори воситаларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.