Технологик металлар соҳасида Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлик қилиши режалаштирилмоқда

Технологик металлар соҳаси бўйича Ўзбекистоннинг салоҳияти тобора кенгайиб, йирик хорижий инвесторлар эътиборини тортмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири — АҚШнинг нуфузли Cove Capital LLC компанияси бошқарувчиси Пини Алтхаус бошчилигидаги делегациянинг «ЎзТМК»га амалга оширган ташрифи бўлди.

Ташриф давомида «ЎзТМК» фаолияти ва инвестиция лойиҳалари бўйича тақдимот ўтказилиб, Ўзбекистонда геология ва тоғ-кон саноатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳамда инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида фикр алмашилди.
Шундан сўнг, делегация вакиллари «ЎзТМК» тасарруфидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш заводи, шунингдек, Самарқанд вилоятидаги Ингичка бойитиш фабрикаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Компания бошқарувчиси Пини Алтхаус технологик жараёнларга катта қизиқиш билдириб, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичини чуқур ўрганди. У, айниқса, ресурсларни самарали қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар яратиш ва халқаро стандартларга мос технологияларни жорий этиш бўйича «ЎзТМК» томонидан амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

“Бу менинг Ўзбекистонга илк ташрифим. Таассуротларим катта. Ўзбекистонда тоғ-кон соҳасида амалга оширилаётган ишларини кўриб айта оламанки, мамлакатиңиз АҚШ ва Европа учун критик минераллар хомашёсидан тайёрланган қўшимча қийматга эга маҳсулотларнинг етказиб берувчисига айланишга тайёр. Биз «ЎзТМК» билан потенциал ҳамкорликнинг бир нечта йўналишларини кўриб чиқмоқдамиз. Биринчидан, биз турли хил материалларни қазиб олиб, уларни оралиқ даражага, баъзи ҳолларда эса чуқурроқ қайта ишлаш босқичига етказамиз. Аммо Ўзбекистон, хусусан «ЎзТМК»да маълум бир материалларни, муҳим хомашёларни якуний маҳсулотга айлантириш бўйича тажриба ва ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд. Шу боис, бу ерда ҳамкорлик учун имкониятлар кенг”, — деди Cove Capital LLC бошқарувчиси Пини Алтхаус.

Делегация вакиллари «ЎзТМК» томонидан яратилган ишлаб чиқариш занжири, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ва халқаро стандартларга мос технологияларни ижобий баҳолади.
Учрашув якунланар экан, томонлар Ўзбекистон бўйлаб кон-металлургия лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Cove Capital LLC каби етакчи хорижий компаниялар билан ўрнатилаётган алоқалар Ўзбекистоннинг стратегик шерикликка тайёрлиги ва инвестицион жозибадорлигини яна бир бор тасдиқламоқда.