“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 2025 йилги матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон яна 180 давлат орасида 148 ўринни эгаллади. Аммо мамлакатнинг умумий балли пасайиб, 37.27 дан 35.24 гача тушди. Бу эса сиёсий ва ижтимоий омиллар кесимида кўрсаткичлар ёмонлашганини англатади.
Ташкилот Ўзбекистондаги ОАВ эркинлиги ҳолатини “жуда мураккаб” дея баҳоламоқда. Ҳисоботда айтилишича, 2016-йилда президент Ислом Каримов вафотидан сўнг бу соҳадаги вазият деярли яхшиланмаган. Мамлакатдаги кам сонли мустақил журналистлар босим остида ишламоқда, ҳукумат эса айрим блогерларни оммавий равишда сотиб олишга уринмоқда.
Европа ва Марказий Осиёдаги мустақил ОАВлар эса иқтисодий инқирозга юз тутмоқда. АҚШ томонидан молиялаштирилган “Озодлик” радиоси ва УСАИД каби ташкилотларнинг қўллаб-қувватловдан воз кечиши бу соҳани, айниқса, авторитар тузумлар ҳукмронлик қилаётган мамлакатларда янада заифлаштирган.
Ташкилотга кўра, дунё бўйлаб матбуот эркинлиги ҳолати ёмонлашган. Биринчи бор глобал рейтингда ўртача балл 55 дан пастга тушган ва журналистлар фаолияти учун қулай шароит фақат ҳар тўртинчи мамлакатда мавжуд. 160 давлатда эса ОАВ молиявий барқарорликка эриша олмаяпти, янгиликлар манбалари эса иқтисодий қийинчиликлар сабабли ёпилмоқда.
Рейтингда биринчи ўринларни Норвегия, Эстония, Нидерландия, Швеция ва Финляндия эгаллаган. Охирги ўринларда Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея жойлашган. АҚШ 57-ўринда, Германия 11, Франция 25, Британия эса 20-ўринда қайд этилган.
МДҲ давлатлари орасида эса Арманистон (34) ва Молдова (35) энг юқори поғонада бўлса, Озарбайжон (167), Беларус (166), Тожикистон (153) ва Туркманистон (174) энг қуйи ўринларда турибди. Қозоғистон 141-ўринда, Қирғизистон эса 144-ўринда қайд этилган.