Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги таълимга оид ҳамкорликлар кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. Иккала давлатни боғлаб турувчи тарихий илдизлар, маданий яқинлик ва диний муштараклик ушбу соҳадаги алоқаларнинг изчил ривожланишига сабаб бўлди. Мустақиллик йилларидан сўнг ўзбекистонлик ёшлар учун Туркияда таҳсил олиш имкониятлари кенгайди ва бу имкониятлар бугунга келиб кенг кўлам касб этмоқда.
Ҳар йили юзлаб ўзбекистонлик ёшлар “Туркия стипендиялари” дастури орқали Туркиянинг нуфузли университетларида бепул таълим олиш имкониятини қўлга киритишмоқда. Бўғазичи, Коч, Ҳачеттепе, Мармара, Сабанжи университетлари энг машҳурлари бўлиб, бу университетлар таълим сифати, илғор технологиялари ва халқаро талабларга жавоб бериши билан ажралиб туради. Талабалар бу ерда ўз билимларини ошириб, келажак касблари учун янги қадамлар ташлашмоқда. Шунингдек, турк тилининг машаққатларсиз ўзлаштирилиши ва маданий муҳитнинг ўзбек талабалари учун яқинлиги бу жараённи янада енгиллаштирмоқда.
Ўзбекистонда ҳам Туркия билан ҳамкорлик фаолиятини юритиб келаётган таълим муассасалари сони ортиб бормоқда.
Туркия Маариф Жамғармаси томонидан Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда очилган замонавий мактаб ва лицейлар халқаро талабларга мос равишда таълим бермоқда. Бу мактабларда икки тилли таълим йўлга қўйилган бўлиб, ўқувчилар болалигидан турк тилини мукаммал ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса уларнинг келгусида Туркияда ёки бошқа хорижий давлатларда таҳсил олиш имкониятини кенгайтиради.
Юнус Эмре институти орқали эса турк тили, маданияти ва адабиётини ўрганиш бўйича курслар, семинарлар ва турли маданий тадбирлар ташкил этиш йўлга қўйилди. Институтнинг Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги филиаллари ўз фаолиятини янада кенгайтириб, икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистоннинг етакчи университетларидан Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети каби таълим муассасалари Туркиянинг Анқара, Истанбул, Ғози, Селчук университетлари билан илмий ва академик алоқалар ўрнатиб келмоқда. Қўшма конференциялар, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, ёзги мактаблар, илмий мақолаларни чоп этиш каби фаолиятлар икки томонлама илмий алоқаларни янада мустаҳкамламоқда.
Талабалар алмашинуви дастури орқали ўзбекистонлик талабалар Туркияда қисқа муддатли амалиётлар ўташ, магистратура ва докторантурада ўқиш имкониятига эга бўлишмоқда. Шу билан бирга, туркиялик талабалар ҳам Ўзбекистонга келиб, ўзбек тили ва адабиётини, тарихини ўрганиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу эса икки давлат ёшлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни янада кучайтиради.
Ҳозирда икки давлат рақамли таълим ва инновацион технологиялар соҳасидаги ҳамкорликларни ривожлантириш бўйича илғор қадамлар ташламоқда. Онлайн курслар, вебинарлар, илмий платформалар орқали ўқитувчилар ва талабалар учун янги имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, IT, тиббиёт, муҳандислик, педагогика каби йўналишларда туркиялик мутахассисларнинг тажрибаси ўзбекистонлик ёшлар учун самарали тажриба бўлмоқда.
Келгусида Туркия ва Ўзбекистон ўртасида қўшма ҳамкорликдаги университетлар, илмий марказлар, биргаликдаги илмий тадқиқотлар ва халқаро даражадаги дипломлар берувчи дастурлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.
2025 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаларига мувофиқ, янги филиаллар очиш, дарсликлар алмашинуви, академик мобилитет дастурларини кенгайтириш кутилмоқда.
Шунингдек, ёшлар учун маданий алмашинувлар, ёзги мактаблар, санъат ва спорт фестиваллари, танловлар ташкил этилиши орқали икки давлат ёшлари ўртасидаги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. Бу каби тадбирлар ёшлар орасидаги ўзаро ҳурмат, илмий интилиш ҳамда ватансеварлик туйғусини кучайтиради. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги таълимга оид ҳамкорликлар нафақат ўқув тизими ривожига, балки умумий тараққиётга, маданий ва ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Таълим соҳасидаги бу алоқалар — икки халқни бирлаштирувчи, келажакни бунёд этувчи асосий устунлардан биридир.
Хамроқулова Мадинабону
Тошкент давлат Шарқшунослик университети 1-босқич талабаси
ТДШУ катта ўқитувчиси, т.ф.б.ф.д. PhD В.Е.Абиров