Қонун (ЎРҚ-1061-сон, 05.05.2025 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Қонун билан киритилган қўшимчаларга кўра, давлат мулки бўлган, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёхуд бошқача тарзда бегоналаштириш тақиқланди.
Ушбу ерларда бинолар ва иншоотларни қуриш ёки мавжуд бино ва иншоотларнинг қурилиш майдонларини кенгайтириш, ушбу ерларнинг ҳудудини қисқартиришни тақиқлаш белгиланди.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, мазкур чекловларга риоя этмаган ҳолда ер бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Шунингдек, ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилиб, уларнинг асосий, шартли рухсат этилган ва ёрдамчи турларга бўлиниши кўзда тутилди.
Бундан ташқари, ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланган ҳолда уларни муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритиш назарда тутилди.