Покистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш шартини маълум қилди

Покистон мудофаа вазири Хавож Аосиф мамлакат Ҳиндистоннинг ҳарбий амалиёти тўхтатилса, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёр эканини билдирди. «Агар Ҳиндистон ортга чекинса, биз, албатта, ўз ҳарбий ҳаракатларимизни тўхтатамиз. Аммо бизга ҳужум қилинаётган бир пайтда жавоб беришга, ўзимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз», — деди Аосиф.

«Биз сўнгги икки ҳафта давомида доим айтиб келдикки, Ҳиндистонга қарши душманлик ҳаракатларини ҳеч қачон бошламаганмиз. Аммо агар бизга ҳужум қилинса, биз жавоб берамиз. Агар Ҳиндистон чекинса, биз бу кескинликни, албатта, тўхтатамиз», — деди у Bloomberg’га берган интервюсида.

Покистон ахборот ва радиоэшиттиришлар вазири Аттаулла Тарар эрталабки брифингда Ҳиндистон ҳужумига Покистоннинг жавоби «муносиб ва ҳар томонлама» бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Покистон ҳарбийларининг нишонлари фақат ҳарбий объектлар ва Покистонга қарши операцияда иштирок этган Ҳиндистон самолётлари бўлган.

Ҳиндистон “Синдур” номли операцияни бошлаб, Покистон инфратузилмасига зарба берган. Котли, Бахвалпур ва Муззаффарабоддаги жами 9 объект ҳужумга учраган. Бунга жавобан Покистон икки ҳиндистонлик қирувчи самолёт уриб туширилгани ва Ҳиндистондаги нишонларга жавоб зарбалари берилганини маълум қилган.

Покистон Мудофаа вазирлигининг маълумотига кўра, Ҳиндистон ҳужуми оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 12 киши жароҳатланган, зарбалар икки масжидга ҳам тегган.

Шу билан бирга, Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги “Синдур” операцияси Покистоннинг Паҳалгамдаги терактига жавобан ўтказилганини билдирган, унда 26 киши ҳалок бўлган. Ҳужумлар террористик гуруҳларнинг базаларига қаратилганини таъкидлаган.

БМТ ҳар икки томонни максимал даражада сабр-тоқатли бўлишга чақириб, можарони янада кучайтиришга йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлаган.