Сурхондарё вилоятида Telegram’даги “история”сига террорчилик ташкилотининг қора байроғи кўринган видеони жойлаган 18 ёшли йигит 3 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Унга кўра, Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судида 18 ёшли йигитнинг иши кўриб чиқилди. У жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материални интернет орқали тарқатишда айбланди.
Суд материалларига кўра, йигит Telegram’даги “история” бўлимига араб тилидаги нашида ижро этилаётган, ўзбекча титрлар илова қилинган видеони жойлаштирган. Видеода террорчиликка алоқадорлиги маълум бўлган “Ироқ ва Шом ислом давлати” ташкилотига тегишли қора байроқ ҳам кўринган.
Йигит ушбу видеони қўшиғининг оҳанги ёққани учун тарқатганини айтди. У араб тилини билмаслигини, диний таълимга эга эмаслигини ва бундай видеоларнинг жиноий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан бехабар бўлганини таъкидлади. Айбланувчи қилган ишидан чин дилдан пушаймон эканини билдириб, суддан енгиллик сўради.
Суд томонидан у Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми бўйича айбдор деб топилди. Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 57-моддасига асосан енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳам инобатга олган.
Олий суд Ўзбекистонда материаллари тарқатилиши тақиқланган саҳифалар рўйхатини эълон қилган эди.
Мазкур рўйхатга 1 400 га яқин саҳифа ва каналлар киритилган. Жумладан, Telegram’да 713 та, Instagram’да 226 та, Facebook’да 203 та, YouTube’да 135 та, TikTok’да 44 та, OK.ru’да 35 тани ташкил қилади.
Шунингдек, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги аудио, видео ва матн форматидаги материаллар киритилган.







2024 йилнинг январь ойида ҳам Олий суд томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхати эълон қилинганди.