Истанбул шаҳрида ўтказилган 28-Евроосиё иқтисодий саммитида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди

2025 йилнинг 7-8 май кунлари Истанбул шаҳрида Туркиянинг «Мармара груп» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди томонидан 28-Евроосиё иқтисодий саммити ўтказилди. Унда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Равшан Фазилов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев фаол қатнашди.

Бу йил «Кўпроқ инсонпарварликка асосланган дунё — яшашга арзигулик дунё учун мулоқот» шиори остида бўлиб ўтган халқаро саммитда 50 га яқин мамлакатдан 300 дан ортиқ сиёсатчилар, дипломатлар, олимлар, дин арбоблари, ишбилармонлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, академик доира ва таҳлил марказлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг тантанали очилиш қисмида Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тадбир иштирокчиларига йўллаган табрик мактублари орқали саммит ишига муваффақият тилади.

Халқаро тадбирнинг «Экология, иқтисодиёт, энергетика, сунъий интеллект ва соғлом турмуш» мавзусида бўлиб ўтган сессиясида Марказ раҳбари Элдор Туляков Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестиция салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ушбу йўналишда белгиланган мақсадларга бағишланган маъруза билан чиқиш қилди.

Э.Туляков ўз нутқида мамлакатимизнинг савдо, инвестициялар ва инновациялар бўйича фаол минтақавий марказ сифатидаги ўрни ҳамда серқирра инвестицион муҳитини намойиш этиш орқали минтақа ва жаҳон миқёсида кенгайиб бораётган ролига алоҳида эътибор қаратди.

«Ўтган етти йил давомида Ўзбекистон қатъий ва кенг қамровли ислоҳотлар йўлидан борар экан, мамлакатимиз очиқ, бозор иқтисодиётига асосланган тизимга ўтди. Бу жараёнида шаффофлик, самарадорлик ва келажакка қаратилган бошқарув тамойилларига содиқ қолинди.

Ўзбекистон шунчаки очилаётгани йўқ — у Марказий Осиёнинг янги иқтисодий марказига айланмоқда.

Асосий қисмини ёшлар ташкил этувчи 37,6 миллион аҳолиси ва Европа, Осиё ҳамда Яқин Шарқ чорраҳасидаги стратегик жойлашуви туфайли Ўзбекистон нафақат кенг минтақа, балки ундан ташқарида ҳам келажакка йўналтирилган ишончли ҳамкор сифатида беқиёс имкониятларга эга», — деди Э.Туляков.

Саммитда иштирок этган халқаро ташкилотлар ва таҳлил марказлари ўртасида янги ҳамкорлик қирраларини ривожлантиришга қаратилган ҳамда долзарб мавзуларга бағишланган сессиялар, шунингдек, ўзаро манфаатли, амалий натижаларга бой қатор учрашувлар ва мулоқотлар бўлиб ўтди.