10 май куни Шаҳрисабз минтақавий аэропортига «Silk Avia» авиакомпаниясининг Тошкент — Шаҳрисабз йўналиши бўйича биринчи парвози амалга оширилди. Парвоз замонавий ATR 72-600 русумли самолётда амалга оширилди. Анъанага кўра, самолёт сув аркалари билан тантанали тарзда кутиб олинди, экипаж эса гуллар билан қарши олинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компанияси хабар берди.
18 майдан бошлаб «Silk Avia» ушбу йўналишда ҳафтасига тўрт марта — сешанба, пайшанба, жума ва шанба кунлари мунтазам рейсларни амалга оширишни бошлайди.
Бунгача Шаҳрисабзга кичик сиғимдаги Let L-410 самолётлари қатнаган. Яқинда учиш-қўниш йўлаги ва ёрдамчи йўлаклар реконструкция қилинди. Бу эса аэропортга йирикроқ ҳаво кемаларини қабул қилиш имконини берди ва мамлакатнинг муҳим туристик марказларидан бири бўлган Шаҳрисабзга йўловчилар оқимини ошириш учун шароит яратди.