Теҳронда Ўзбекистон — Эрон бизнес форуми ўтказилди

11 май куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон — Эрон бизнес форуми бўлиб ўтди.

Унинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Эрон Ислом Республикаси Биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ореф сўзга чиқдилар.

Бундай тадбирлар, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг янги қирраларини очишга ёрдам бериши қайд этилди.

Таъкидланганидек, ўзаро савдода барқарорлик кузатилмоқда. Хусусан, товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион долларга етди, қўшма корхоналар сони 210 дан ошди.

Мавжуд захиралар чуқур таҳлил қилиниб, янги ўсиш нуқталари белгиланди, умуман олганда, 1 миллиард долларлик лойиҳа портфели ва савдо келишувлари шакллантирилди.

Ўзбекистон Бош вазири ўз нутқида қатнашчилар эътиборини мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида бизнес муҳитини яхшилаш, хорижий сармоядорларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларига қаратиб, қуйидагиларга алоҳида тўхтатилиб ўтди.

Жумладан, ўтган даврда ялпи ички маҳсулот 2 баробар ўсди. Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади.

Келгуси беш йилда ушбу кўрсаткични 160 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз. 2025 йил биринчи чорак якуни бўйича мамлакатимиз иқтисодий ўсиш суръати 6,8 фоизни ташкил этди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 70 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағи ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.

2030 йилга бориб “яшил” энергия манбаларининг энергетикадаги улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон минерал ресурслар ва ноёб фойдали қазилмаларнинг катта захираларига бой мамлакат ҳисобланади.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш учун муҳим қарорлар қабул қилинди. Натижада икки юздан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага, айримларининг баҳоси эса икки баробар камайтирилди.

Валюта бозори либераллаштирилди ва даромадларни репатриация қилиш бўйича барча чекловлар олиб ташланди. Қўшилган қиймат солиғи баҳоси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Фойда солиғи фаолият турига қараб 5 фоиздан 15 фоизгача этиб белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритувчи корхоналар эса фойда солиғи тўлашдан буткул озод этилган.

Мамлакатимизда йилига 25 миллион тонна юқори сифатли мева-сабзавот етиштирилади. Йилига 2,5 миллиард долларлик мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимиз дунёдаги кўплаб давлатлар билан имтиёзли савдо тизимига эга экани маълум қилиниб, эронлик ишбилармонлар Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги саноат зоналари имкониятлардан кенг фойдаланишга таклиф этилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон — Эрон бизнес форумида қатнашиш учун мамлакатимиздан 100 нафардан зиёд тадбиркорлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ўзларининг турли йўналишдаги илғор таклиф ва ташаббуслари билан қатнашиб, “B2B” шаклда музокаралар олиб борди.