Ўзбекистон Республикасининг “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ДХХ ваколатларига киритилган масалалар юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор равишда қабул қилиш мақсадида Call-марказ фаолият юрита бошлади.
Call-марказга 1520 қисқа рақами орқали қўнғироқ қилиш мумкин.
Хусусан, қуйидаги масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинади:
— Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган тажовузлар ҳақида;
— Давлат чегарасини қўриқланиши ва ҳимоя қилинишига бўладиган таҳдидлар;
— Қуролли Кучлар ва мудофаа-саноат мажмуасида давлат хавфсизлигига бўладиган таҳдидлар;
— терроризм, экстремизм, уюшган жиноий гуруҳларга оид;
— қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир жиноятлар ҳақида;
— давлат манфаатларига таҳдид солувчи коррупция ва иқтисодий жиноятлар юзасидан;
— миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этиш;
— давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига доир бошқа ахборотлар.
Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасида белгилаб қўйилган ва тергови ДХХ ваколатига киритилган Жиноят кодексининг 150-163, 182, 223, 246-моддаларида назарда тутилган жиноятларга доир масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинади.
— Ҳурматли фуқаролар, эслатиб ўтамизки «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасига асосан, мазкур қонунни бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Азиз юртдошлар атрофингизда бўлаётган қонунбузарликларга нисбатан бефарқ бўлманг, 1520 рақамига қўнғироқ қилинг!
Мурожаат қилган фуқароларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Унутманг! Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашда ҳар бир фуқаронинг иштироки муҳим ҳисобланади, — дейилади хабарда.