Бу йил мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» 24 май куни ўтказилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Бошланаётган ҳафтада Ўзбекистон мактабларида сўнгги қўнғироқ жаранглайди. Ижтимоий тармоқларда ушбу тадбир ўтказилиши тақиқлангани, чекловлар ўрнатилгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур хабарларни рад этиб, байрам ўтказилиши юзасидан маълумот берди. 

Қайд этилишича, жорий ўқув йилининг охирги куни 25 май, якшанба – дам олиш кунига тўғри келганлиги сабабли сўнгги қўнғироқ тадбирлари 24 май шанба куни ўтказилиши белгиланган.

«Сўнгги қўнғироқ ҳар бир инсон ҳаётида унутилиб бўлмас таассуротларга бой бўлади. Айниқса, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган 11-синф битирувчилари учун бу куннинг аҳамияти ва қадри ўзгача. Бир томондан, кўп йиллик қадрдон синфдошлар, меҳрибон устозлар, жонажон мактаб билан умрбод хайрлашиш осон эмас. Иккинчи томондан, мустақил ҳаётга қадам қўйиш завқи, янги марралар чорлови, талабалик сурури. Бу энди чинкам байрам!

Вазирлик шуни маълум қиладики, мактабларимизда сўнгги қўнғироқ тадбирларини кўтаринки кайфиятда, тантаналар билан ўтказиш анъанаси бу йил ҳам давом этади. Фақат мактабларимиз жамоаларини, битирувчиларимизни, ҳурматли ота-оналаримизни тадбирлар жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.