Қашқадарёда 3 нафар адвокатнинг фирибгарлик ҳаракатлари фош этилди.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Қарши шаҳридаги адвокатлик бюросининг адвокати жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан 2 нафар фуқарога нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини суд тизимида ишловчи мансабдор танишлари орқали бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартириб беришни ваъда қилиб, эвазига 4 000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Навбатдаги ҳолатда Қарши шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати фуқаролик ишлар бўйича Қарши туманлараро судининг иш юритувида бўлган ишни ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаро фойдасига ҳал қилиб бериш юзасидан у билан шартнома тузиб, хизмат ҳақи эвазига 2 млн сўм ва давлат божи учун 1,5 млн сўм олган.
Аммо адвокат мазкур фуқаролик ишини суд тизимида ишловчи мансабдор танишлари орқали ҳал қилишини айтиб, қўшимча 500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Қарши шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаро билан шартнома тузмаган ҳолда, Муборак тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи иш юритувида бўлган безорилик ҳуқуқбузарлигига оид ишнинг унга тегишли қисмини терговчи орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 2 млн сўм олади. Адвокат ушбу ишни гўёки ижобий ҳал қилганлигини айтиб, қўшимча 2 млн сўм олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Ҳозирда мазкур адвокатларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.