Шавкат Мирзиёев дунёдаги нотинч вазиятга нисбатан қатъий позициясини билдирди

Туркий давлатлар саммити шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтмоқда.

Геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барча учун катта синов бўлмоқда.

Шу туфайли, долзарб муаммоларга нисбатан туркий давлатларнинг умумий ёндашув ва позициясини кучайтириши ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Ўзбекистон Президенти зиддиятларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ Низоми асосида адолатли ечим топишни энг тўғри йўл, деб ҳисоблашини айтди.

“Украинадаги вазият – дипломатия ва музокаралар орқали ҳал этилиши керак.

Ғазодаги уруш – барчамизни ташвишга солмоқда. “Икки халқ учун – икки давлат” тамойили амалга ошмай туриб, тинчлик бўлмайди.

Афғонистон – минтақавий хавфсизлик учун ҳал қилувчи нуқта. У ерда барқарорликка эришиш фақат биргаликдаги саъй-ҳаракат билангина мумкин”, деди давлатимиз раҳбари.

Туркий давлатлар ташкилоти Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилиб, ўзининг принципиал позицияси билан тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни қўллаб-қувватлашга содиқ эканини яна бир бор намоён этмоқда.