Энергия сиёсатида янги босқич: нархлар — шаффоф, ёрдам — аниқ

Май ойи бошида электр энергияси ва табиий газ нархи ўзгариши ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда бироз хавотир уйғотгани рост. Айримлар “ҳаёт яна қийинлашадими?” деган саволлар ташлай бошлашди. Бироқ кўп вақт ўтмай, Президент ва Ҳукумат қарорлари ортида аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ механизмлар борлиги аён бўлди.

Нарх ошишидаги ижтимоий ёндашув

2025 йилнинг майидан бошлаб электр энергияси учун янги тарифлар жорий этилди. Бошида тарифларнинг 1 апрелдан оширилиши айтилганди, аммо Президент бу санани бир ойга сурди. Бу кечиктириш сабаби кейинроқ ойдинлашди — фақат нархни эмас, балки унинг таъсирини юмшатиш механизмларини ҳам тайёрлаш учун вақт керак бўлган экан.

Янги тарифлар шундай тарзда шаклландики, ўртача аҳоли истеъмолчиларининг катта қисми — яъни 7,6 миллион абонентдан 6,7 миллион нафари (88%) учун электр нархи кескин ўзгармаган.

Қандай қилиб?

Буни қуйида тушунтирамиз.

Эски тарифда:

  • 200 кВт/соатгача — 450 сўмдан (90 000 сўм)
  • 200-500 кВт/соат оралиғида — 900 сўмдан (270 000 сўм)
  • Жами: 360 000 сўм

Янги тарифда:

  • 200 кВт/соатгача — 600 сўмдан (120 000 сўм)
  • 200-500 кВт/соат оралиғида — 800 сўмдан (240 000 сўм)
  • Жами: 360 000 сўм

Шу тариқа, ойига 500 кВт/соатгача ишлатувчилар учун нархлар ўзгармасдан қолди.

Оқилона қарор

Нарх сиёсатида фақат иқтисодий манфаатлар эмас, одамлар ҳақида ҳам  ўйланмоқда. Қарорлар ортидаги энг асосий тамойил — ҳеч ким эътибордан четда қолмасин.

Шу мақсадда, Президентнинг алоҳида қарори билан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 миллион сўм моддий ёрдам бериш белгиланди. 1,3 миллион оилани қамраб олувчи бу чора тадбирлар аҳолининг энг заиф қатламини ҳимоя қилишга қаратилган.

Компенсация механизми

2026 йилдан бошлаб электр ва газ нархлари инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда, йилда бир марта, 10 фоиздан ошмаган ҳолда индексация қилиб борилади. Бу нархларнинг тез-тез ўзгармаслигига хизмат қилади.

Бу орада энг кам таъминланган қатлам учун энергия тўловлари компенсацияси механизми ҳам ишга тушмоқда. Уларга базавий меъёрдан ортиқ сарфланган энергия қисми учун давлат компенсация қилиб беради. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай ёрдам 280 минг оилани қамраб олади.

Тўғри, тарифлар ўзгарди, лекин бу “оғриқсиз” амалга оширилди. Бу ислоҳот учун керак бўлган энг муҳим қадрият — ижтимоий адолатни намоён этади.

М.Жўраев, эксперт