Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида фуқароларни ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахслар қўлга олинди.
Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида оддий алоқа оператори лавозимида фаолият юритган, 1992 йилда Урганч шаҳрида туғилган шахс ўзини таъсир доираси кенг мансабдорлар билан таниш қилиб кўрсатган. У Хоразм вилоятининг Хонқа туманида яшовчи фуқарони ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган. Шахс лавозимларга қараб нарх белгилаган бўлиб, оддий лавозим учун 1500 АҚШ доллари, офицерлар таркибидаги лавозимлар учун эса 2000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс воситачи орқали 1900 АҚШ доллари ҳамда 1 млн 295 минг сўм пулни олган пайтида қўлга олинди.
Қашқадарё вилоятидаги яна бир ҳолатда Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бошқармаси Қарши шаҳар бўлими ходими Косон туманида яшовчи фуқарони вилоят ички ишлар бошқармасига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ундан 2000 АҚШ доллари олган пайтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.