Польшада 2100 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда

Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорлик фақат иқтисод билан чекланиб қолмаяпти – бугунги кунда 2100 нафар ўзбекистонлик талаба Польша олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

Бу ҳақда Польшада бўлиб ўтган XII Халқаро Осиё конгрессида маълум қилинди. Конгрессда “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков бошчилигидаги делегация иштирок этди. Тадбир доирасида “Ўзбекистон куни” ҳам ташкил этилди – унда миллий маданият, инвестиция салоҳияти ва таълим имкониятлари кенг намойиш қилинди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Европа ўртасидаги ҳамкорлик натижасида нафақат экспорт ва инвестициялар, балки таълим ва сайёҳлик алоқалари ҳам кескин ўсмоқда. Польшага тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилгандан сўнг, у ердан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 7 баробарга ошган.