Рақамли маркировка қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида янги тузилма — ҳудудлараро солиқ инспекцияси ташкил этилди. Бу тузилма рақамли маркировкаланган маҳсулотларнинг айланмаси барча босқичларида тизимли ва самарали назоратни амалга ошириши айтиляпти.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
🔹 Мажбурий рақамли маркировка қоидаларининг бузилиши солиқ хавфи юқори деб баҳоланади;
🔹 Мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотлар бўйича маркировка коди бириктирилмаган электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш тақиқланади;
Чакана савдода:
▪️ касса чеки фақат маркировка коди киритилгандан сўнг шакллантирилади;
▪️ аввал фойдаланилган (яъни номувофиқ) кодлар киритилса, касса чекини чиқариш мумкин эмас.
Бу чоралар орқали контрафакт ва “соядаги” маҳсулотлар айланмасига чек қўйиш, бозорда аниқлик ва адолатни таъминлаш кўзда тутилган. Лекин амалиётда бу тизим ўзини оқлаши учун тадбиркорларга етарли тушунтириш ишлари олиб борилиши ва техник қўллаб-қувватлаш тизими узлуксиз ишлаши ҳам жуда муҳим. Назорат кучайишида адолатли ёндашув биринчи ўринда бўлиши керак.