2025 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисини 28 май куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисда солиқ, тадбиркорлик, маъмурий ҳамда жиноят-процессуал қонунчилик соҳаларидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, сенаторлар ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларни кузатиб бориш тўғрисидаги янги қонунни ҳам муҳокама қиладилар. Ушбу ҳужжат мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария тизимини ривожлантириш, эпизоотик хавфларни бартараф этишга хизмат қилади.
Мажлис кун тартибига Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш масаласи ҳам киритилган.
Сенатда Ўзбекистоннинг устувор халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича тайёрланган Миллий ҳисобот эшитилади. Шунингдек, мамлакат ҳудудларида хизматлар соҳасини ривожлантириш юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот тақдим этилади.
Бундан ташқари, Сенатнинг жойлардаги вакиллик органлари фаолиятини фаоллаштиришга кўмаклашувчи комиссия томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам ахборот эшитилади.
Ялпи мажлисда, шунингдек, болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва вилоятлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларини тор соҳа мутахассислари билан таъминлаш чораларига оид Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилади.