Илмий изланишлар учун энг машҳур 10 та бепул платформа

Google академик
Илмий тадқиқот олиб боришда вақтдан унумли фойдаланиш учун, ишончли ва етарли маълумотлар базасига эга бўлиш учун мавжуд бўлган излаш тизимларидан энг машҳури «Google академик» ни билмайдиган тадқиқотчи ёки толиби илм бўлмаса керак. Кўпчилик манбани айнан шу тизим орқали топиш мумкин. Ва у идеал платформалардан бири ҳисобланади.

«Google академик» нинг афзалликлари қуйидагилардир:
— илмий адабиётларнинг деярли барчасини ушбу платформадан топасиз.
— мавзуйингиз билан боғлиқ барча илмий манбаларни, маълумотларни, муаллиф ва нашрларни ҳам топишингиз мумкин;
— бир қанча тадқиқотларнинг тўлиқ матнига эга бўласиз;
— турли мавзулардаги энг оммабоп нашрларни қўлга киритасиз;
— фақатгина инглиз тилида эмас, исталган тилда манбаларни излаш имкониятингиз бор. Қолаверса, ўша тилда илмий асарлар ҳам топсангиз бўлади;
— излаш тизимида фақат мавзу жиҳатидан эмас, балки маълумотларни санасига кўра ҳам сарфлашингиз ёки аниқ бир муддат оралиғида нашр этилган асарлардан ўз танловингизга кўра фойдаланишингиз мумкин;
— ўз саҳифангизни яратиб, илмий ишингизга кимлар, қайси асарлар билан фикр билдирганини кўрасиз;
— онлайн кутубхона ташкил қилиб, ўз архивингизни яратишингиз мумкин;

Core
Энг машҳур, излаш учун кенг имкониятларга эга платформадир. Тахминан, олтмиш олти миллион ёки ундан ҳам ортиқ мақолани айнан шу излаш тизимидан топасиз. Излаш натижасида нашриёт номи, журнал, тил ва ёзувчи номларига кўра саралашингиз мумкин бўлган тизим ҳисобланади.

Public Library of Science (PLOS)
Эркин фойдаланиш мумкин бўлган тизимлар орасида яна бир кенг тарқалган платформа «Public Library of Science (PLOS)»дир. Илмий изланиш жараёнида вақтдан ютиш учун ёрдамчи восита бўлган тизим. Турли online журналлардан фойдаланиш имконини тақдим этувчи тизим бўлган PLOS платформасидан жой олган мақола ҳамда журналларнинг аксарияти бепул ҳисобланади.

ScienceOpen
Йигирма саккиз миллиондан ортиқ илмий мақолани ўз ичида мужассам этган ниҳоятда қулай тизим. Ундан фойдаланиш учун web саҳифага аъзо бўлишингиз кифоя. Ушбу тизим, айниқса, батафсил тадқиқот олиб бориш учун жуда қулай. Ўзингизга керакли бўлган манбаларни топишда бемалол фойдалансангиз бўлади.

Social Science Research Network (SSRN)
Башарий ва ижтимоий илмлар миқёсида изланувчилар учун жуда фойдали тизимдир. Мазкур платформада саккиз юз қирқ беш минг тадқиқот мақоласи ва олти юз эллик мингдан ортиқ хулоса мавжуд. Айни пайтда дунёнинг барча олимлари билан фикр алмашиш, боғланиш имкониятини тақдим этувчи ушбу тизимдан бепул фойдаланиш учун сайтга аъзо бўлишингиз етарли.

Directory of Open Acces Journals (DOAJ)
Ўн мингдан зиёд мақола ва икки миллиондан кўпроқ журнални ўз ичига жамлаган машҳур сайтдир. Юқори савиядаги журналларни айнан шу тизимдан топасиз. Ушбу сайт илмий, тиббий, технологик ҳамда инсониятга дахлдор ижтимоий илмларнинг барчасини ўз ичига олади. Илмий журналларни топиш учун бемалол мана шу сайтдан ҳам фойдалансангиз бўлади.

PubMed
Фан ва тиб талабалари учун машҳур излаш тизими. Биотиббиётга оид адабиётлар ва ҳаётий фанларга оид журналлар билан боғлиқ миллионлаб манбаларга эга бўласиз. «PubMed», АҚШ Миллий Тиб кутубхонасининг бир қисми бўлган NCBI томонидан юритилмоқда. Айни пайтда NBCI очиқ сайтлардан бири бўлган ва кимёвий тадқиқотларга оид илмларни қулайлаштиришни мақсад қилган PubChem номли сайтни ҳам юритмоқда.

E-Theses Online Service (EThOS)
British Library томонидан бошқариладиган E-Theses Online Service (EThoS) 450 000 дан ортиқ докторлик диссертацияларини ўз ичига олган жуда катта маълумотлар базасидир ва уларнинг кўп қисмига бепул кириш мумкин. Бу диссертациялар бевосита EThoS ёки университетларнинг расмий веб-сайтлари орқали тақдим этилади. EThoS тизимида қидирувни торайтириш учун фильтрлар орқали қидирув натижаларини аниқлаштириш имконияти ҳам мавжуд. Бу имкониятдан фойдаланиш учун фақатгина ушбу веб-сайтда рўйхатдан ўтишингиз кифоя.

BioMed Central
BioMed Central биология, соғлиқни сақлаш ва клиник дори воситаларига оид журналлар учун энг ишончли маълумотлар базаларидан биридир. Ушбу веб-сайтда ушбу соҳаларга оид 300 дан ортиқ илмий ҳакамликдан ўтган журналлар мавжуд. Сиз мавзуни танлаб, ушбу журналлардан истаганингизга тезда киришингиз мумкин. Шунингдек, тегишли калит сўзлардан фойдаланган ҳолда ҳам бу журналларга кириш имконияти мавжуд.

Bielefeld Academic Search Engine
Германиядаги Bielefeld Университети Кутубхонаси томонидан бошқариладиган Bielefeld Academic Search Engine (BASE) 4 000 дан ортиқ манбалардан олинган 90 миллиондан зиёд илмий ишни ўз ичига олади ва ушбу материалларнинг 50 фоизидан ортиғига бепул кириш имконини беради.

Ушбу мақолада биз кўриб чиққан маълумотлар базалари – тадқиқотчилар учун бепул онлайн журналларга кириш ва илмий изланиш имконини берадиган атиги 10 та платформани ўз ичига олади. Аммо шуни унутмангки, бундан ташқари ҳам фойдаланишингиз мумкин бўлган бошқа веб-сайтлар ва маълумотлар базалари мавжуд. Шуни ҳам таъкидлаб ўтамизки, манба қанчалик ишончли бўлмасин, ундан фойдаланганингизда маълумотларнинг тўғрилигини ҳар доим текшириб кўришингиз фойдадан ҳоли эмас.

Турк тилидан Дилбар Раҷапова таржимаси
Манба: besteditproof.com