ИИО ходимининг қонуний талабини бажармаганлик учун жарима оширилади

Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик учун жарима миқдори оширилади. Бу ҳақда бугун, 28 май куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунида сўз боради.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ҳуқуқбузарлар томонидан жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш борасида хизмат олиб бораётган ИИО ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатлари ортган. Хусусан, 2021 йилда ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ 56 минг 474 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган бўлса, 2022 йилда 88 минг 401 та, 2023 йилда 88 минг 988 та, 2024 йилда 85 минг 278 та ҳолат кайд қилинган.

Шу муносабат билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга сезиларли ўзгартишлар киритишга қарор қилинган. Хусусан, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаган шахсларга белгиланадиган жазо миқдори анча кучайтирилади.

Унга кўра:

  • ИИО ва Миллий гвардия ходимининг қонуний талабларини бажармаганлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 12 бараваригача (1 млн 875 мингдан 4,5 млн сўмгача) миқдорда жарима (амалда 1 баравари);
  • ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда БҲМнинг 12 бараваридан 30 бараваригача (4,5 млн сўмдан 11 млн 250 минг сўмгача) миқдорда жарима (амалда 15 баравари) ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ тайинланиши мумкин.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун Президентга юборилган.