АҚШ президенти Доналд Трамп Миллий хавфсизлик кенгашининг (NSC) штатидаги ходимлар сонини 300 нафардан атиги 50 нафаргача қисқартириб, унинг тузилмасини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Кенгаш таркибидаги кўплаб мутахассислар, айниқса бошқа федерал агентликлардан вақтинча жалб қилинганлар, ўз вазифаларини тугатиб, асл иш жойларига қайтарилди. Ушбу қадам Трампнинг давлат бошқарувидаги марказлашув ва тезкор қарорлар қабул қилиш сиёсатининг бир қисми сифатида талқин қилинмоқда.
Расмий баёнотларга кўра, бу ўзгаришлар NSCнинг стратегик маслаҳатлар берувчи муассаса эмас, балки президент кўрсатмаларини бажарувчи ижрочи орган сифатидаги ролини кучайтиришга қаратилган. Шунингдек, кенгашда хавфсизлик билан боғлиқ баъзи техник хатоликлар, жумладан махфий маълумотлар билан ишловчиларнинг онлайн суҳбатига тасодифан журналист қўшилиб қолгани асосий сабаблардан бири бўлган.
Янги тузилмада Трампга яқин бўлган шахслар – Андре Бейкер ва Роберт Габриел – Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосарлари этиб тайинланди. Мазкур ўзгаришлар сиёсий доираларда турлича қабул қилинди. Айрим сиёсатчилар бу ислоҳотлар агентликлар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг пасайишига сабаб бўлишидан хавотирда.
Трамп бу ўзгаришларни “Америка биринчи ўринда” («America First») сиёсий ғояси доирасида амалга оширмоқда. Унга кўра, АҚШ ташқи ва ички сиёсатда глобал ҳамкорликдан кўра миллий манфаатларга кўпроқ аҳамият бериши керак.
УзДЖТУ талабаси Эшқобилова Дилсўз