Товуқ тухумини ювиш керакми? Мавзу атрофида афсона ва миш-мишлар

Товуқ тухумларини истеъмол қилишдан олдин ювиш керакми ёки йўқми — бу саволни деярли ҳар бир уй бекаси ҳеч бўлмаганда бир марта ўзига берган.

Тухум ювилиши керакми?

Товуқ тухумлари (хоҳ дўкондан олинган бўлсин, хоҳ уй шароитида бўлсин) қобиғида ифлослик ва бактериялар бўлади. Улар орасида соғлиқ учун хавфли микроорганизмлар ҳам бўлиши мумкин. Айрим одамлар тухумни ювмаслик керак, чунки барибир қобиғи олиб ташланади, деган фикрда. Аммо бу хавфсизлик нуқтаи назаридан унчалик тўғри эмас.

Энг катта хавф — сальмонеллёз
Тухум қобиғида энг хавфли бактериялардан бири бу — сальмонелла. У овқат орқали ичак инфекциясига олиб келади. Белгилари: диарея (ич кетиши), қайт қилиш, қорин оғриғи ва тана ҳароратининг кўтарилиши. Бу касаллик айниқса иммунитети суст бўлганлар, болалар ва қариялар учун хавфли бўлиб, баъзида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кўп тарқалган нотўғри тушунча шуки, сальмонеллёз фақат хом тухумдан юқади. Аслида эса бу бактерия кўпинча қобиқ устида бўлади. Тухум ичида сальмонелла бўлмайди, агар қобиғи бутун бўлса — у ичкарига ўта олмайди. Аммо тухумни ювмасдан пичоқ билан ёки идиш четига уриб синдириш орқали бактерия ичкарига тушиб кетиши мумкин. Шунингдек, қобиқ билан ишлагандан кейин қўл ювишни унутманг.

Шунинг учун, саволга жавоб аниқ — тухум ювилиши керак. Аммо бу жараённи тўғри бажариш муҳим.

Тухумни қандай қилиб тўғри ювиш керак?

  1. Тухумни айнан пиширишдан олдин ювиш лозим. Агар ювиб, кейин совуткичда сақланса, бу бактерияларнинг кўпайишига олиб келади ва улар қобиқ орқали ичкарига ўтиши мумкин.
  2. Иссиқ сувда (тахминан 40–45 °С) оқаётган сув остида ювинг.
  3. Совун ёки бошқа ювиш воситаларини ишлатманг.
  4. Қаттиқ ифлосликлар (масалан, ахлат)ни юмшоқ губка билан, қаттиқ томонисиз тозаланг. Ош содасидан фойдаланиш мумкин.
  5. Ювилган тухумни дарҳол қоғоз салфетка билан артиб қуритинг.

Тухумни музлаткичда қандай сақлаш керак?

Тухум қобиғидаги бактерияларни кўпайтирмаслик ва ичкарига ўтишининг олдини олиш учун тўғри сақлаш муҳим:

Тухумни музлаткичнинг эшигидаги қисмда эмас, ички жавонларида сақланг. Сабаби эшик тез-тез очилиб ёпилади, бу эса ҳарорат тебранишига олиб келади ва маҳсулотнинг янгилигига зарар етказади.

Энг яхши сақлаш ҳарорати — 0 дан +5 °С гача.

Сақлаш идишида намлик бўлмасин. Шу сабабдан тухумни ювиб қўйиб, кейин сақлаш тавсия этилмайди. Уларни ҳаво ўтмайдиган контейнер ёки пакетда сақламанг.

Тухумни ингичка (учли) томони пастга қилиб қўйинг — бу уларнинг янгилигини узоқроқ сақлайди.

Сақлаш муддати: хом тухум 0 дан +20 °С гача ҳароратда тахминан 25 кунгача сақланиши мумкин.
Шарипова Жамила