Самарқандда Италия бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (фото)

Самарқанд шаҳрида 29 май куни Италия бош вазири Жоржа Мелонини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Конгресс маркази олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.

Шундан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

Италия бош вазири Жоржа Мелони  Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 28 май куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.  Самарқанд халқаро аэропортида бош вазирни Ўзбекистон етакчиси кутиб олди. Сўнг давлат раҳбарлари Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида, Silk Road Samarkand халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғида бўлди. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастур намойиш этилди.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон—Италия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади. Инновасион ҳамкорлик ва гуманитар алмашинув лойиҳаларини илгари суриш диққат марказида бўлади. Якунда икки томонлама битимлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.