“Magic City”даги “ўз жонига қасд” саҳнаси муҳокамаларга сабаб бўлди

“Magic City” боғида намойиш этилган ўз жонига қасд қилиш саҳнаси жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимованинг маълум қилишича, мазкур тадбир ҳокимлик рухсатисиз ва хусусий ҳудудда ўтказилган.

Қосимова, шунингдек, ушбу театрал саҳна кўриниши шаҳар ҳокимлиги ёки маданият бошқармаси билан келишилмаганини таъкидлади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода саҳнада бир шахснинг бўйнига арқан боғланган ҳолда баланд устунга осилиб тургани, бу ҳолат эса кўплаб одамлар, жумладан, ёш болаларнинг кўз ўнгида содир бўлгани акс этган.

“Magic City” боғининг расмий сайтида ушбу томоша ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Матбуот котиби таъкидлашича, ҳокимлик бу ҳақда фақат воқеа содир бўлгандан сўнг хабардор бўлган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, шафқатсизликни тарғиб қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-1 ва 248-1-моддаларига асосан, бундай ҳуқуқбузарликлар учун жарима ва Миллий гвардия томонидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилади.

Миллий гвардия матбуот котиби ҳолат юзасидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилаётганини ва яқин кунларда қўшимча маълумотлар берилишини маълум қилди.