Қашқадарё вилоятида Дамас русумли автомобилда 17 нафар болани ташиб кетаётган ҳайдовчи аниқланиб, жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот берди.
Ҳодиса Чироқчи туманида қайд этилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими тўхтатган Дамас автомобилида 17 нафар вояга етмаган бола бўлган. Ҳайдовчи ўз айбини тан олиб, қуйидагича изоҳ берган: “Болаларни уйларига етказиб қўйишимни сўрашди, мен рози бўлдим. Қилган ишимдан афсусдаман. Ҳурматли фуқаролар, эҳтиёт бўлинг ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг”, — деган у.
Амалдаги қоидаларга кўра, 12 ёшгача бўлган болаларни олдинги ўриндиқда махсус ушлаб турувчи мосламаларсиз ташиш тақиқланган. Шунингдек, йўловчилар сони автомобилнинг техник паспортида белгиланган миқдордан ошмаслиги лозим.
Бу каби ҳолатлар олдин ҳам кузатилган. Масалан, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида боғча мудираси Spark автомобилида 25 нафар болани олиб кетаётганда тўхтатилган. Сурхондарёда эса Дамас ҳайдовчиси 25 нафар боғча тарбияланувчисини олиб юргани аниқланган. Самарқанд вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлиб, Дамас ҳайдовчиси 15 нафар бола ва уларнинг оналарини бир йўла олиб кетган.