Ўзбекистон аҳолиси пулларини асосан қайси банкларда сақламоқда?

2025 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимида жисмоний шахслар (аҳоли) томонидан жамланган депозитлар ҳажми 129,9 триллион сўмни ташкил қилмоқда.

Қуйида Pinkod.uz орқали берилган маълумотларга таянган ҳолда, аҳоли омонатлари бўйича энг етакчи 10 та банкни тақдим этамиз:

“Капиталбанк” — 23,5 трлн сўм
(энг кўп аҳоли омонати тўпланган банк). Яъни, энг кўп одамлар пулларини “Капиталбанк”га ишониб қўйган. Бу банкда жами 37,8 трлн сўм депозит бор ва унинг 62% қисми жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

“Ўзмиллийбанк” — 13,3 трлн сўм (юридик шахслар фаол бўлган банк). Умумий депозитлар 41 трлн сўм бўлса-да, аҳоли улуши 13,3 трлн сўм. Бу банкда асосан йирик корхоналар ўз маблағларини сақлайди.

“Агробанк” — 10,4 трлн сўм (қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлишига қарамай, аҳоли омонатлари ҳам кўп). Жами депозитлар 23 трлн сўм, шундан ярмига яқини жисмоний шахсларники.

“Ўзсаноатқурилишбанк” — 7,5 трлн сўм (асосий мижозлари – йирик саноат корхоналари). Жами депозитлар 23,9 трлн сўм. Аҳоли маблағлари камроқ, лекин 7,5 трлн сўм билан юқори ўринни эгаллаб турибди.

“Асакабанк” — 7,46 трлн сўм (барқарор омонат портфелига эга банк). Жами депозитлари 17,6 трлн сўм, шундан 42% қисми аҳоли томонидан киритилган.

“Анорбанк” — 7,4 трлн сўм (нисбатан янги банк бўлишига қарамай, тез ўсиш кузатилди). Жами депозитлар 10,65 трлн сўм, аҳоли улуши катта бўлиб, 7,4 трлн сўмни ташкил этади. Яъни, мижозлар орасида ишонч тез ортмоқда.

“Ҳамкорбанк” — 7,1 трлн сўм (регионларда кучли ва фаол банк). Жами 12,6 трлн сўм депозит бор, унинг катта қисми — жисмоний шахсларнинг омонатлари.

TBC Bank — 5,4 трлн сўм (тўлиқ рақамли банк бўлса-да, омонатчилар сони кўпаймоқда). 6,1 трлн сўмлик умумий депозит портфелида аҳоли ҳиссаси 5,4 трлн сўмни ташкил этади.

Халқ банки — 5,3 трлн сўм (кўп йиллик тарихга эга банк, лекин асосан юридик шахслар фаол). 25,9 трлн сўмлик жами депозитлардан фақат 5,3 трлн сўм аҳолига тегишли.

“Алоқабанк” — 5,28 трлн сўм (таълим ва алоқа соҳаларида фаол банк). Жами 15,05 трлн сўм депозитнинг 5,28 трлн сўми жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади.