Эндиликда содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима баллари тўғрисидаги маълумотни my.gov.uz портали орқали онлайн олиш мумкин.
Маълумотда тўпланган жарима бали, қабул қилинган қарор рақами ва санаси, жарима балл учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг асос бўлувчи моддаси ва банди келтирилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 май куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарори билан Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий йил 1 июндан кучга кирди. Қарорга мувофиқ, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз E-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади.
Шунингдек, 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди. Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.
Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи СМС орқали хабардор қилинади. Суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.