Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов 4 июнь куни «Янги Ўзбекистон» кўчаси бўйлаб ободонлаштириш ва инфратузилма ишларини молиялаштириш мақсадида 81,5 миллиард сўм маблағ ажратиш ҳақида қарор имзолади. Маблағлар компенсациялар тўлаш, пиёда ва вело йўлаклар қуриш, шунингдек, ҳудудни умумий ободонлаштиришга йўналтирилади.
Қарорга кўра, маблағлар «Янги Ўзбекистон» кўчасининг йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган Президентнинг 2022 йил 30 июндаги фармонига мувофиқ шаҳар ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади.
Аниқ қилиб айтганда, қуйидаги йўналишларга маблағ ажратилиши белгиланган:
- мулкдорлар ва фермер хўжаликларига ерларни захирага ўтказиш учун компенсациялар;
- пиёдалар ва велосипедлар учун йўлаклар қурилиши;
- парклар ва фавворалар ташкил этилиши;
- ҳудудни умумий ободонлаштириш.
Ажратилган маблағлар «Янги Ўзбекистон кўчаси» ишбилармонлик маркази қурилиши ва эксплуатацияси дирекцияси ҳисоб рақамига ўтказилади. Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари ажратилган маблағларнинг сарфланиши бўйича Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига ҳисобот беради. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон кўчаси» дирекцияси маблағлардан мақсадли фойдаланишни таъминлаши шарт.
Эслатиб ўтамиз, «Янги Ўзбекистон» кўчаси лойиҳаси 2022 йил апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган. 610 гектарлик ҳудудда тўрт хил меъморий услубда тўрт қаватли бинолар, меҳмонхоналар, кинотеатрлар ва ресторанлар қурилиши режалаштирилган.