Вилоят рақамидаги машиналар Тошкентда таксичилик қилиши тақиқланди

Вазирлар маҳкамаси 2025 йил 2 апрел куни «Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаган.

Ушбу қарорнинг биринчи иловаси 4-боб 14-бандида вилоятларга тегишли давлат рақами билан ҳаракатланувчи машиналарда Тошкент шаҳрида таксичилик қилиш тақиқлангани белгиланган.

«Ҳайдовчи фаолиятини лицензия варақасида кўрсатилган ҳудудда ва унга туташ ҳудудда амалга ошириши мумкин. Бунда лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд автотранспорт воситасига берилган давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодларидан келиб чиқиб аниқланади», дейилган мазкур бандда.

Ушбу қарор бундан 2 ой аввал имзоланган, аммо масъуллар бу бўйича тушунтириш ё изоҳ бермаган. Транспорт вазирлиги матбуот хизмати кеча «Дарё» сўровига нисбатан бу ҳақда маълум қилган.

«Бу тартиб кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. 2011 йилда айнан мана шу йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солувчи 139-сонли қарор чиқарилган. Ўша қарор билан тасдиқланган низомда йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг фаолият юритиши учун қўйилган талаблар бор. Ўша низомнинг 5-боб 9-бандида ҳайдовчи йўловчиларни йўналишсиз таксида ташишни лицензия карточкасида белгиланган ҳудудда амалга оширилади деб ёзилган. Бу қарор ҳозир ўзининг кучини йўқотган. Мазкур қарор ўрнини босувчи 2025 йилда чиққан қарорга кўра, ҳайдовчининг ўз ҳудудида, яъни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилди.

Яъни ҳайдовчи фаолиятини ўша лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд ва унга туташ ҳудудда олиб боради. Масалан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган 01 код билан бошланувчи давлат рақамли транспорт воситаси Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти ҳудудида таксичилик фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Худди шунингдек, вилоятларники ҳам худди шунақа бўлади», деган вазирлик ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов.

Ашурматов айтган қарор 2011 йилда имзоланган ва унда «давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодларидан келиб чиқиб аниқланади» деган жойи йўқ (скриншотга қаранг). 2 ой олдин имзоланган қарорда эса бу қўшилган ва 2011 йилдаги қарор ўз кучини йўқотган.

Lightbox Image