Telegram ва ФСБ: мессенжер хавфсизми?

OCCRP нашрининг сўнгги суриштируви Telegram мессенжери хавфсизлигига жиддий саволлар туғдирди. Маълумотларга кўра, россиялик муҳандис Владимир Веденеев Telegram серверларини техник қўллаб-қувватлайдиган Global Network Management компаниясига раҳбарлик қилади.

Суд ҳужжатларида Веденеев серверларга эксклюзив кириш ҳуқуқига эга экани ва Telegram асосчиси Павел Дуров томонидан берилган ишончнома асосида молиявий бошқарувда иштирок этгани қайд этилган. Шунингдек, унинг Electrontelecom ва GlobalNet каби компаниялари Россия хавфсизлик идоралари ва Курчатов институти каби ташкилотлар билан алоқадорлиги маълум.

Киберхавфсизлик мутахассислари мессенжердаги MTProto протоколининг очиқ элементлари орқали фойдаланувчиларнинг қурилмаси ва IP-манзилларини аниқлаш мумкинлигини таъкидламоқда. Citizen Lab тадқиқотчиси Жон Скотт-Райлтоннинг фикрича, Telegram фойдаланувчилари, айниқса аноним аккаунтлар, метадата орқали фош этилиши мумкин.

Очиқ ҳужжатлар Веденеевнинг компанияси Telegram серверлари жойлашган Маямидаги маълумотлар марказидаги йўналтирувчи қурилмаларга эгалик қилишини тасдиқлайди. Global Network Management Telegram’га 10 000 дан ортиқ IP-манзил ижарага бергани маълум бўлиб, бу фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш хавфини оширади.

Ушбу таҳлил мессенжер хавфсизлиги борасида янги саволлар туғдирар экан, Telegram фойдаланувчиларига шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш масаласига янада эътиборлироқ бўлиш тавсия этилади.