ХДП таксичиларга қўйилган чеклов бўйича транспорт вазиридан тушунтириш сўради

Халқ демократик партияси фракцияси томонидан ҳайдовчилар ҳамма ўз вилоятида таксичилик қилиши кераклиги ҳақидаги қарор юзасидан транспорт вазиридан тушунтириш сўралди.

Тошкент шаҳрида йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланишда ҳайдовчиларнинг фақат ўз ҳудуди ва унга туташ ҳудудларда хизмат кўрсатиши белгилангани кенг жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. ХДП фракцияси мазкур ҳолатни ўрганиб, бу каби чекловлар Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясига зид эканини таъкидлади.

Конституциянинг 67-моддасида давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, мамлакат ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши белгиланган.

Фракция фикрича, мазкур чеклов эркин меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклайди. Конституциянинг 42-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро муносиб меҳнат қилиш, касб танлаш ва ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида қонуний асосда лицензия олиб, солиқ тўлаш орқали фаолият юритмоқда. Бундай ҳолатда уларга нисбатан сунъий тўсиқлар қўйилиши конституциявий ҳуқуқларнинг бузилиши сифатида баҳоланмоқда.

Шу муносабат билан ХДП фракцияси транспорт вазирига мазкур масала юзасидан расмий тушунтириш бериш ҳақида сўров юборганини маълум қилди. Шунингдек, транспорт соҳасидаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва депутатлар саволларига жавоб олиш мақсадида Транспорт вазири ҳукумат соатига таклиф этилди.