Ўзбекистон Президентининг топшириғига кўра, 2025 йил 1 августдан бошлаб барча вилоят ва туман ҳокимликларида ходимлар иш ҳақи оширилади. Янги тартибга мувофиқ, ходимларга фақат асосий маош эмас, балки уларнинг иш натижаларига қараб ойлик устама ва қўшимча бонуслар ҳам берилади.
Президент бу ташаббус орқали маҳаллий ҳокимият тизимида ишчанлик ва жозибадор муҳит яратиш, интизом ва натижага йўналтирилган иш услубини шакллантириш мақсад қилинганини таъкидлади.
Шу билан бирга, давлат раҳбари шундай огоҳлантирувчи сўзлар ҳам билдирди:
“Қарс икки қўлдан чиқади. Ўзига юклатилган вазифани бажара олмаган ходимларга чора кўрилади. Ана шунда ҳамма интизом ва режа билан ишлашга ўрганади.”
Йилнинг ярим йиллик натижалари бўйича барча даражадаги раҳбарлар, жумладан, ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, вазирлар ва банк раҳбарлари қатъий синовдан ўтади. Президент “ғалвирни сувдан кўтариб”, ким нима иш қилганини шахсан сўроқ қилишини билдирган.