2025 йил 16 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ва режалаштирилган қурилиш ҳамда жамоат транспорти лойиҳалари тақдим қилинди.
Пойтахтдаги қурилиш суръати сўнгги йилларда анча жадаллашган. Янги Тошкент қурилиши билан бирга, кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар ва бизнес марказлар сони ошиб бормоқда. Президент қурилишда сифат ва хавфсизлик биринчи ўринда эканини таъкидлаб, 9 баллгача зилзилабардошлик талабларини жорий этиш бўйича топшириқ берди. Шу асосда янги лойиҳалар Фанлар академияси, Сейсмология институти ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда қайта ўрганилди.
Тақдимотда Чилонзор туманида 160 мегаваттли янги подстанция ва 20 минг куб метрли сув резервуари қурилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу билан электр таъминоти яхшиланади, Шайхонтохур, Чилонзор ва Учтепа туманларида ичимлик суви узлуксиз етказилади.
Транспорт соҳасидаги энг муҳим янгиликлардан бири — Тошкент метросининг Трактор заводи маҳалласигача узайтирилиши. Бу лойиҳа икки босқичда амалга оширилади: аввал ер устидаги, кейин эса ер остидаги метро қурилади. Янги йўналиш кунига 85 минг йўловчини ташишга мўлжалланган.
Шунингдек, “Дўстлик” бекатидан Янги Тошкент марказигача 21 км узунликдаги янги метро қурилиши режалаштирилган. 9 та бекатдан иборат бўладиган бу метро лойиҳаси 230 минггача йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.
Президент тақдимотда қурилиш сифатини янада ошириш, барча лойиҳаларда одамлар учун қулай ва замонавий шароит яратиш лозимлигини таъкидлади.